2019 йил 25 февраль куни Сенатда Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 18 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Сайлов кодекси фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунлар нормаларини бирхиллаштиришни назарда тутади.

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур ҳужжат сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини инвентаризациялаш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш миллий амалиётини умумлаштириш, шунингдек хорижий тажрибани ўрганиш натижасида тайёрланганини қайд этдилар.

Сўзга чиққанлар таъкидлаб ўтганидек, Сайлов кодекси қабул қилиниши қонун ҳужжатлари нормалари такрорланишининг олдини олиш, сайлов жараёнининг кўплаб тартиб-таомиллари масалаларига, шу жумладан участка сайлов комиссиялари ишларини ойдинлаштириш, сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлаш имконини беради.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловида сиёсий партияларнинг иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда. Халқ депутатларининг туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида фақат сиёсий партиялар депутатликка номзодлар кўрсатиш мутлақ ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиши тартиби мустаҳкамланиши сайловчилар рўйхатини тузиш, аниқлаштириш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда шаффофлик тамойилини таъминлаш имкониятини яратади.

Ишчи гуруҳ аъзолари таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши нафақат сайлов тўғрисидаги қонунларни бирхиллаштиришга, балки сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва сайлов амалиётини такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади.