Тошкент прокуратураси Анҳор канали бўйидаги бузилаётган 78-уйда яшовчиларни кўчиришга масъул пойтахт ҳокимиятининг Давлат активларини бошқалари маркази вакили Отабек М.га нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатди, дея хабар қилди шаҳар прокуратураси «Газета.uz"га.

Ташкилотнинг бузилаётган ҳудудлардан кўчириш ва инвентаризация бўйича ишларни ташкил этиш бўлимининг етакчи инспектори ўз мажбуриятларини етарлича бажармагани, одамларни кўчириш масаласига бепарволик билан қарагани ва жараён устидан назоратни етарлича олиб бормагани фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига олиб келди, дейилади назорат органи хабарида.

78-уйда одамлар яшаб турган бўлса ҳам бузиш ишлари олиб борилгани тўғрисида «Газета.uz» 24 февраль куни (аввалроқ — 20 февралда) ёзган эди. Мақоладаги ҳолатларни текширган прокуратура 2-(Эркин Н.), 4- (Хосият Х.) ва 7-(Любовь Ш.) квартираларда одамлар яшаётганига қарамасдан уч қаватли уйда бузиш ишлари олиб борилганини аниқлади.

Айни вақтда уйда истиқомат қилаётганларнинг барчаси кўчирилган, 2 та квартирада фақат мол-мулклар қолган.

Мавжуд маълумотларга кўра, 18 квартирали уй жойлашган ҳудуд шаҳар ҳокимиятининг 2017 йил 8 сентябрдаги қарори билан «Navro'z Bog’i» компаниясига 17 га майдонда «Наврўз» паркини қуриш учун доимий фойдаланишга берилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги йиғилиши баённомасига кўра, 20 ноябрга қадар уйдаги барча фуқаролар кўчирилиши, уй эса ўтган йилнинг 10 декабрига қадар бузилиши лозим эди.

Тошкент ҳокимияи бу ерда яшовчилар кўчиши учун Мирзо Улуғбек тумани Қори Ниёзий кўчасидаги янги уйдан 10 та, Шайхонтоҳур тумани Қозиробод кўчасидаги янги уйдан 8 та квартира ажратган.