Шу кунларда Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Сабаҳ Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди. Кеча Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ООК президенти Шайх Аҳмад Сабаҳ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда шунингдек, AIBA президенти Ғофур Раҳимов ҳам иштирок этди. Унда томонлар 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистоннинг Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, учрашув давомида йирик комплекс мусобақа учун янги спорт иншоотлари ва Олимпия шаҳарчасини қуриш, логистика, қулай транспорт маршрути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш механизми, ўйинлар трансляцияси ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

XXI Осиё ўйинларни қабул қилиш учун шунингдек, Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин каби мамлакатлар даъворгарлик қилишмоқда.

Учрашув давомида ООК президенти Ўзбекистонда Осиё ўйинларини ўтказиш учун имкониятлар юқорилиги, мамлакатимиз ҳаттоки бу бўйича етарли устунликларга эга эканлигини айтиб ўтди. Мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек спортга қаратилаётган эътибор бу борада муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон бунгача Осиё ўйинларини қабул қилмаганлиги, бу эса мусобақа географиясини оширишга ҳизмат қилиши ва ушбу курашда Ўзбекистоннинг имкониятларини яхшигина оширишини қайд этиб ўтди.

Ушбу музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Осиё олимпия кенгашининг навбатдаги Ассамблеяларидан бирида Осиё ўйинлари-2030 мезбонлиги бўйича ўз тақдимотини ўтказишига келишиб олинди.