Самвел Бабаян «Локомотив» футбол клуби президенти маслаҳатчиси этиб тайинланди, дея хабар қилди Тошкент жамоаси матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, клуб президенти Мансур Ражабов клуб инфратузилмасини яхшилаш ва уни янги даражага олиб чиқиш, болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини ривожлантириш, бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш ва жамоанинг моддий-техник базасини такомиллаштириш вазифаларини қўйган.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Самвел Бабаян раҳбарлиги остида «Пахтакор» Олий лига чемпиони, унинг ўзи эса Ўзбекистонда йил мураббийи бўлган эди. 2015 йилда Бабаян Ўзбекистон термасига бошчилик қилди, 2017 йил 7 сентябрда эса 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичларидаги омадсиз натижалар сабабли истеъфога чиқарилди.

2018 йил 15 январь куни Ўзбекистон Футбол федерацияси Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасида ишлаган вақтида футболчилар шартномалари борасида найранглар қилганликда айблаб, уни футбол соҳасидаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштирди. Мураббий ЖЧ-2018 саралаш мусобақаларида миллий терманинг мағлубиятида ҳам айбланди.

2018 йил март ойи охирларида мутахассис Юрмаланинг (Латвия) «Спартак» клубига раҳбарлик қилди. Бироқ 13 апрелда Бабаянда Лавия Олий лигасида ишлаш учун Европа мураббийлар лицензияси йўқлиги маълум бўлди. ОФК мураббийларни лицензиялаш тизими УЕФАнинг худди шундай тизимидан фарқ қилгани сабабли УЕФА томонидан текширув ўтказилди.

23 апрелда Самвел Бабаян «Спартак» бош мураббийи лавозимини тарк этиб, клуб техник директори лавозимига тайинланди.