22−24 февраль кунлари Венгрияда юнон-рум кураши бўйича Гран-при турнири бўлиб ўтди. Ушбу рейтинг мусобақасида жаҳоннинг турли мамлакатларидан полвонлар совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Қувонарлиси, баҳсларда иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг уч нафари шоҳсупага кўтарилди. -55 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Илҳом Баҳромов олтин медалга сазовор бўлган бўлса, мазкур вазндаги бошқа спортчимиз Жавоҳир Мираҳмедов бронза медалига эга чиқди. -60 кг вазнли спортчимиз Феруз Тўхтаев финалгача етиб борди ва кумуш медаль соҳибига айланди.

Ушбу иштирок орқали юнон-рум курашчиларимиз Токио олимпиадаси лицензияси учун қимматли бўлган рейтинг очколарини ишлаб олишди.