Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мамлакат бозорларида сотилаётган сунъий тухумлар борасида огоҳлантирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ижтимоий тармоқлар орқали мамлакат бозорларида, хусусан, «Ўрикзор» савдо мажмуасида сунъий тухумлар сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 22 февраль куни «Ўрикзор» савдо мажмуасидаги дўконларда мониторинг, яъни парранда тухуми билан савдо қилувчи тадбиркорлар билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, савдо юритувчиларга санитария, хусусан, тиббий дафтарчаларга эга бўлиш ҳамда маҳсулотларга бериладиган ветеринария маълумотларини тақдим этиш талаблари қўйилди.

Федерациянинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда «Sevimli» телеканали билан ҳамкорликдаги рейдида савдода бўлган тухумлардан намуналар олиниб, ҳар бир сотувчининг ўзи гувоҳлигида қисқа муддатли кўргазмали текширув ўтказилди.

Хулосаларга кўра, текширув давомида тухум намуналари истеъмолга яроқли экани аниқланди.

Савдо мажмуаси маъмурияти ВСЭЛ, ДСНЭМ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК томонидан ўзаро ахборот алмашишга келишиб, назорат кучайтирилди.