Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов кеча Мексиканинг Тихуана шаҳрида ўзининг еттинчи жангида рингга кўтарилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу жангда у мезбон спортчи Эдгар Пуэртога қарши рингга кўтарилди. Шаҳрам бу жангида ҳам муддатидан олдин ғалаба қозонди. Бешинчи раундда унинг кетма-кет зарбаларидан сўнг рақиб мувозанатни йўқотди. Шу сабаб, ҳакам баҳсни тўхтатди ва Шаҳрам жангни муддатидан олдин ўз фойдасига ҳал қилди.

Мазкур баҳс орқали Ғиёсов фаолиятидаги еттинчи жангида еттинчи ғалабани расмийлаштирди. У жангларининг 6 тасида рақибларини нокаутга учратган. Мексикалик Эдгар Пуэртонинг ўтказган жанглари сони эса 38 тага етди. Уларнинг 25 тасида ғалаба қозонган (19 та нокаут). 12 маротаба мағлубиятга учраган (6 та нокаут) ва 1 та дурангга эришган.