24 февраль куни Осиё олимпия кенгаши (OCA) президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабаҳ Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мартабали меҳмон Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида AIBA президенти Ғофур Раҳимов, МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан кутиб олинди. Ас-Сабаҳ билан бирга делегация таркибида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, ОСА Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон, ОCA котиби Льюсен Альварез ҳам Ўзбекистонга келди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга қилинган мурожаатномада Ўзбекистон Осиё ўйинларини ўтказа олишга қодир мамлакат эканлигини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Шу муносабат билан Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти бу борадаги лойиҳани ҳаётга татбиқ этишни бошлаб юборган. Бу бўйича 2030 йилги Осиё ўйинларини Тошкент ва Самарқандда ўтказиш бўйича ариза Осиё Олимпия Кенгашига тақдим этилган. 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш учун Ўзбекистондан ташқари Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин каби мамлакатлар даъвогарлик қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятларини кенг муҳокама қилиш мақсадида Ас-Сабаҳ бошчилигидаги делегация икки кун давомида Ўзбекистонда бўлади.