Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Аскар Маминни бош вазир лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар қилди Оқўрда матбуот хизмати.

Аввалроқ, 21 февраль куни Нурсултон Назарбоев «иқтисодиётда ижобий ўзгаришлар бўлмагани сабабли» мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқарган эди. Бунга қадар бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Аскар Мамин ҳукумат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

«Ўтган йиллар давомида у ўзига бириктирилган участкаларда аниқ натижаларга эришди. Аскар Узакпаевич ўзини тажрибали менежер сифатида кўрсатди. Мамин Аскар Узакпаевичнинг янги ҳукумат фаолиятини самарали ташкил этиш учун энг мақбул номзод деб ҳисоблайман», — деди Қозоғистон президенти 25 февраль куни Парламент Мажлисининг ялпи йиғилишида.

Парламент Мажлиси депутатлари Аскар Мамин номзодини бир овоздан маъқуллади.

Ҳукуматнинг янги раҳбарияти турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётни рағбатлантириш ва стратегик вазифаларни амалга ошириш учун «амалий қадамларни» ишлаб чиқиши лозим, деди Нурсултон Назарбоев.

Аскар Мамин турли вақтларда Остона ҳокими, транспорт ва коммуникациялар вазири, «Қазахстан темир жоли» компанияси раҳбари лавозимларида фаолият кўрсатган. Мамин 2016 йил сентябрдан Қозоғистон Вазирлар Маҳкамасини бошқариб келаётган Бакитжан Сагинтаев ўрнига бош вазир этиб тайинланди.