Февралда Қорақалпоғистондаги автотрассада йирик ҳажмли юклар ортилган трейлерлар кўзга ташланди. Айрим гувоҳлар уларни «цилиндр маҳлуқлар» деб ҳам атади. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Telegram-каналида хабар қилишича, ушбу технологик ускуналар Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича заводнинг (Uzbekistan GTL) қурилиш майдончасига етказилади.Иккита асосий технологик ускуна Ўзбекистонга Жанубий Кореядан бир неча мамлакат орқали денгиз йўли ва бошқа йўналишлар орқали етказилди. Ускуналар заводга март ойида етиб боради.

Оғирлиги 550 тонна, узунлиги 39 метр ва диаметри 6,9 метрга тенг ҳамда оғирлиги 350 тонна ва узунлиги 25 метр бўлган ушбу қурилмалар бунёд этилаётган заводнинг синтетик суюқликларни ишлаб чиқариш цехида қўлланилади.

«Бу қурилмалар ёрдамида ҳосил бўладиган синтез (метан + кислород) физик-кимёвий реакциялар ва технологик жараёнлар натижасида синтетик суюқ ёқилғига, яъни ярим тайёр маҳсулотга айлантирилади. Ундан эса яна бир неча жараёнларни босиб ўтиб, асосий нефть маҳсулотлари — дизель, керосин ва нафта олинади», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, дунёнинг 24 мамлакатидаги 129 та заводда жами 11 мингдан зиёд технологик ускуналар ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда 116 та тўпламдан зиёд юқори технологик ускуналар қурилиш майдончасига етказилган бўлиб, у ерда уларни монтаж қилиш ва ўрнатиш ишлари бошланган. 153 та тўплам ишлаб чиқарувчи заводлардан юклаб, қурилиш майдончасига жўнатилган ва улар Ўзбекистонга олиб келинмоқда.

Айни вақтда GTL заводининг қурилиши фаол суръатда давом этмоқда. Шартноманинг тўлиқ якунланиши шарти билан амалга оширилишидаги умумий силжиш 71 фоиздан ошди. Қурилиш майдончасига 5 минг нафардан ортиқ ишчи, қурувчи ва муҳандис сафарбар этилган. 500 дан зиёд қурилиш ва махсус техника жалб қилинган.

GTL лойиҳасининг амалга оширилиши ҳар йили 1,5 миллион тоннагача бўлган ҳажмда импорт қилинадиган нефть-маҳсулотлари ўрнини босиш имконини беради. Синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича заводнинг хом ашё базаси — Шўртан газ-кимё комплекси метани ҳисобланиб, унинг ҳажми йилига 3,6 миллиардкубометрни ташкил этади.