Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши шанба кунги баёнотида Ўзбекистон пойтахтидаги бир қатор биноларни бузиш режалаштирилаётгани муносабати билан ташвишда эканини билдирди. Кенгаш аъзолари баёнотида Тошкентда шаҳарни ривожлантириш, реновация дастурлари ва эски уй-жойларнинг бузилиши жараёнидаги пала-партишликлар оқибатида фуқаролар ўзларини ҳимоясиз, шахсий мулкларининг эса таҳдид остида ҳис этаётгани билан боғлиқ вазиятга йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланади.

Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг яқинда Мирзо Улуғбек тумани аҳолиси билан учрашувда: «Аҳоли билан келишмаган ҳолда бирорта ҳа уй бузилмайди», — деган баёнотини келтирар экан, жамоатчилик кенгаши шаҳар маъмуриятининг қонунчиликка амал қилиш мақсадини қўллаб-қувватлади ва ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

«Амалдаги қонунчиликда бу қадар йирик миқёсли дастурларни амалга оширишда ўзгаришлар, қурилиш режалари ва бошқа муҳим масалаларни аҳоли билан келишиш механизмларининг тушунарсизлиги ҳамда турар-жой учун бадаллар аҳоли ўртасида норозиликларни пайдо қилмоқда», — дейилади баёнотда.

Жамоатчилик кенгаши фикрича, шаҳарнинг тасдиқланган бош режаси, ривожлантириш стратегияси ва шаҳарсозликка оид бошқа ҳужжатларнинг йўқлиги қурилиш тўғрисида шаффоф бўлмаган қарорлар қабул қилинишига олиб келмоқда. «Одамлар ўз ҳаётларини режалаштиришлари, инвесторлар эса ўз лойиҳаларини янада самарали ва режали равишда жорий этишлари учун Тошкентнинг бош режасини ишлаб чиқиш ва эълон қилиш лозим. Бунда янги биноларни лойиҳалаштиришда эскирган муҳандислик коммуникация тармоқларини янгилаш ҳамда урбанизация жараёни ўсиб бораётганини ва инфратузилмаларга юкламалар ортишини ҳисобга олган ҳолда кенгайтиришни кўзда тутиш зарур», — дейилади баёнотда.

Кенгай аъзолари аҳолини бўлғуси ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилувчи реновация бўйича режаларни амалга ошириш интерактив харитасини ҳамда шаҳарликлар билан қайта алоқа механизмларини ишлаб чиқиш лозим деб ҳисоблайди. «Уларга ўз сўзларини айтиш имкониятини бериш, бўлғуси ўзгаришларда биринчи навбатда шаҳар аҳолиси манфаатлари ҳисобга олиниши лозим. Бундай хариталарнинг мавжудлиги инвесторлар олдида ижобий тасаввурни шакллантириб, шаффофсизлик даражасини ва шаҳар ҳукуматининг олдиндан айтиб бўлмас ҳаракатларини камайтиришга, Тошкентни ривожлантиришнинг узоқ муддатли режаларини белгилашга замин яратади», деб ҳисоблайди кенгаш.

Шаҳарда илғор технологик янгиликларни жорий этишга қаратилган уринишларни тан олар экан, кенгаш аъзолари шаҳарликлар учун қийматли бўлган, пойтахт меҳмонларини жалб этиб келаётган Тошкентнинг ноёб образини йўқотмаслик кераклигини қайд этади. «Етакчи урбанистлар фикрича, шаҳарга фақатгина бизнес марказлар сони ва юксаклиги эмас, балки маданий, тарихий ва архитектуравий қиймат бахш этувчи объектлар шаҳарга ўзига хослик бағишлайди», — дейилади баёнотда.

«Жумладан, мустақил экспертлар ва жамоатчилик иштирокида зудлик билан Маданий ёдгорлик объектлари давлат кадастри бино ва иншоотларининг тўлиқ рўйхати мезонларини аниқлаш, шакллантириш ва эълон қилиш зарур деб ҳисоблаймиз. Мазкур рўйхат тасдиқлангунга қадар эса Ўзбекистон пойтахтида бу каби объектларни бузишга мораторий жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш лозим», — дея таклиф қилди кенгаш аъзолари.

«Тошкент яқин қўшни мамлакатлар тажрибасидан, масалан Болтиқбўйи шаҳарлари, Москвада реновация дастурларини амалга ошириш бўйича энг яхши тажрибаларни олиши мумкин. Яшаётган уйлари бузилиши мумкин бўлган юз минглаб фуқаролар учун барча жараёнларнинг аниқлиги ва олдиндан айта олинишини таъминлаш лозим», — дейилади баёнотда.