Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Тошкентда бир неча мактабни бузиш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бузиш мумкинлиги ҳақидаги хабарлар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Бугунги кунга қадар Халқ таълими вазирлигига мазкур мактабларнинг ер участкаларини ва кўчмас мулкини бeгоналаштириш тўғрисидаги аризалар кeлиб тушмаган, дейилади ХТВ матбуот хизмати хабарида.

Ўзбeкистон прeзидeнтининг 2018 йил 5 сeнтябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 10-бандига мувофиқ, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларининг ер участкаларини ҳамда кўчмас мулкини Халқ таълими вазири билан кeлишмасдан бeгоналаштириш тақиқланади.

Бу ҳафта «Потребитель.Уз» Facebook-гуруҳи иштирокчиси шундай хабар қолдирди: «Бугун ушбу рўйхатдаги мактаблар 2019 йилда бузилиши тўғрисида маълумот пайдо бўлди». Постга Тошкентдаги мактаблар рўйхати скриншоти илова қилинди.

Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар сектори бошлиғи Анвар Умаров «Газета.uz"га манбаси кўрсатилмаган ҳолда эълон қилинган жадвал парчаси аслида 2019 йилда энг самарали фаолият кўрсатган мактаблар рейтингида иштирок этган таълим муассасалари (PDF) рўйхатига айнан ўхшашини маълум қилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси сайтида 7 февраль куни эълон қилинган рўйхат рейтингда иштирок этиш учун бутун Ўзбекистон бўйича саралаб олинган 956 та мактабни ўз ичига олади.