22 февраль куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги хусусий уйлардан бирида содир бўлган ёнғинда беш киши ҳалок бўлди, улардан икки нафари ёш болалар эди, дея хабар берди Ўзбекистон ДЁХХ матбуот хизмати.

Ёнғин содир бўлаётгани ҳақидаги хабар Ургут тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг диспетчерлик хизматига соат 2:01 да келиб тушган. Воқеа жойига 7 та махсус ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари ёнғин жойига соат 2:09да етиб борган вақтида уй очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 2:22 да қуршаб олиниб, соат 3:48 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида уйнинг 150 кв. метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ҳамда қўшни уйнинг 15 кв. метр майдонда том қисми ёниб зарарланган.

Ёнғинни бартараф этиш жараёнида уй эгаси (1954 й.т.), рафиқаси (1956 й.т.), қизи (1992 й.т.), набиралари Х.М. (2011 й.т.) ва Н.М. (2013 й.т.) ёнғин ўчирувчилар томонидан қутқарилган. Шулардан, Н.М. куйиш тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига олиб кетилган, аҳволи қониқарли (10 фоиз куйиш тан жароҳати олган).

Ёнғинни ўчириш вақтида 89-уй эгасининг фарзандлари Х.У. (1980 й.т.), О.У.(1986 й.т.), келини Ш. Э. (1993 й.т.), набиралари Ш. З. (2013 й.т.) ва Ш. З.нинг (2018 й.т.) куйган ҳолдаги жасадлари топилган.

Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.