Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 5-мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.М. (2003 й. т.) чоршанба куни мактабга MINI UZI IWI русумли пластмассали пневматик тўппонча-пулемёт билан келди. Профилактика инспектори юқори синф ўқувчиларининг шахсий буюмларини текшириш вақтида қурол ва ўқ-дорилар борлигини аниқлади.

Қурол ҳаёт учун хавф туғдирмайди, «акс ҳолда эркин савдода сотилмас эди». «Бу тўппонча ҳатто қоғозни тешиб ўтолмайди. У пластмассадан», — дея хабар қилди Юнусобод туман ички ишлар бўлими вакили «Газета.uz"га.

Ўқувчига тўппончани сотган тадбиркор ўтган йили Ички ишлар вазирлигига Ўзбекистон ҳудудига пневматик қуроллар, камон, арбалетлар ва уларга аксессуарларни олиб кириш ва рўйхатдан ўтказиш тартиблари тўғрисида тушунтириш сўраб мурожаат қилган. У Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августидаги қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат берувчи ҳужжатлар рўйхати"нинг 38-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Рухсат берувчи ҳужжатлар ва уларни беришга ваколатли органлар рўйхати"нинг 10-бандига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги рухсати асосида фақат спорт ҳамда ов ўқ ота қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларини сотиб олиш, олиб чиқиш, сақлаш, олиб юриш ва фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида жавоб олади.

Бироқ Ўзбекистон Олий судининг 1996 йил 27 февралдаги пленумининг «Қуролларга ноқонуний эгалик қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 2-бандига кўра, пневматик қуроллар ўқ отар қуролларга тааллуқли эмас.

«Ушбу тадбиркор расман мурожаат қилди ва жавоб олди. Демак, паттага ушбу хат ва пневматик қурол техника хавфсизлиги илова қилинади», — деди Юнусобод туман ИИБ вакили.

Юқори синф ўқувчисининг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилди.