18 февраль ҳолатига кўра, Орол денгизининг қуриган 917,2 минг гектар ер майдони экишга тайёрланган. Унинг 363 минг гектарига саксовул уруғи экилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида тузилган тезкор штаб томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, тайёр уруғни идишларга жойлаштириш, экиш майдонларини тайёрлаш, экиш ва бошқа тадбирларда жами 1 минг 560 киши иштирок этган. Бу ишларга 462 техника ва 2 самолёт жалб қилинган.

Самолёт ёрдамида 266 минг гектар майдонга саксовул уруғи сепилган бўлса, трактор ёрдамида 96,5 минг гектар ерга экилган. Бугунги кунгача 1 минг 321 тоннадан ортиқ саксовул уруғи йиғилган. Унинг 260 минг килограммдан ортиғи маҳаллий аҳоли томонидан йиғилиб, уларга меҳнат ҳақи ўз вақтида бериб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар 4 миллиард сўмдан ортиқ пул маҳаллий уруғ йиғувчилар меҳнатига тўланган.

Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Денгизнинг қуриган майдонларида 40 та артезиан қудуғи қазиладиган бўлди. Чучук сув чиқяпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш имконини беради, дегани.

Жорий йилда денгизнинг қуриган майдонида 500 минг гектар «яшил қоплама» барпо этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги «Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилишни самарали ташкил этиш ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ва аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2019 йилда амалга ошириладиган тадбирлар учун 100 миллиард сўм ажратилди.

Ушбу қарорда белгиланишича, баҳор мавсумида 200 минг гектар, кузда эса 300 минг гектар «яшил қоплама"лар ташкил қилинади. Умуман, ушбу ҳимоя ўрмонзорларининг 50 минг гектари кўчатдан, 450 минг гектари уруғдан барпо қилинади.

Дарҳақиқат, ушбу экологик офатдан энг кўп Мўйноқ халқи азият чекиб келмоқда. Айниқса, июль-август ойларида ниҳоятда катта чанг-тўзон ҳавога кўтарилади. Ҳимоя ўрмонлари барпо қилинса, ушбу муаммолар барҳам топади.

Айни пайтда Оролда олиб борилаётган кенг кўламли ишларда барча вилоятлардан келган ҳашарчилар фаол иштирок этмоқда. Ҳашарчилар учун шароитни яхшилаш мақсадида вагон уйлар олиб келинган. Ташкил қилинган 13 та отрядда алоқа воситалари ўрнатилган. Ишчилар вақти-вақти билан алмашиб ишламоқда.