2018 йил давомида Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган операциялар суммаси 2017 йилга нисбатан 32 фоизга ортиб, 845,6 трлн. сўмни, ўз навбатида амалга оширилган операциялар сони эса 74,7 млн. тани ташкил қилди, дейилади МБ тўлов тизими шарҳида.

Тизим орқали ўртача кунлик транзакциялар сони 272,5 минг тани, ўртача кунлик транзакциялар суммаси 3,1 трлн сўмни ташкил этди.

Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали хизматлар бўйича реал вақт режимида тўловлар суммаси 2017 йилга нисбатан 2 баробарга ортиб (5,2 трлн сўм), 10,2 трлн сўмга етди.

1 январь ҳолатига 17,7 млнта банк пластик карталари муомалада бўлиб, 2018 йил мобайнида (2018 йил 1 январь ҳолатида 19,2 млн дона карта бўлган) ДУЭТ тизими банк пластик карталари билан боғлиқ лойиҳаларнинг тугатилганлиги муносабати билан умумий сони қисқарган.

Йил бошида Ўзбекистонда 244,9 минг та тўлов терминали мавжуд бўлиб, 2018 йил 1 январига нисбатан (235,7 мингта) 3,9 фоизлик ўсиш қайд этилган. Банкомат ва инфокиосклар сони эса 21,8 фоизга ортиб, 6859 тага етган (2018 йилда — 5632 та).

Шарҳда Humo миллий тўлов тизимини жорий йилдан ишга тушириш режалаштирилаётган ҳам хабар қилинган. У халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилинади.