2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурини амалга оширишга 4,8 тлрн сўм ажратилади. Ўзбекистон президенти 20 февралдаги қарори билан дастур параметрларини тасдиқлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, дастур доирасида ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштириш ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратиш мақсадида қабул қилинмоқда.

Дастур билан 159 та туманида 1,6 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 478 та қишлоқда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари тасдиқланди. Қўшимча равишда 1,3 триллион сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан қишлоқларни ободонлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Жорий йилда дастур доирасида умумий узунлиги 5476 километрдан иборат минтақавий йўллар (ички кўчалар) таъмирланади ва реконструкция қилинади. 36 мингдан ортиқ ҳамда умумий узунлиги 2458 километр бўлган тунги кўча ёритиш ҳамда 21 та алоқа тизимини яхшилаш белгиланди.

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, хусусан 556 та автобекат қуриш ҳамда умумий қиймати 46,3 миллиард сўмлик 189 та замонавий автобус харид қилиш кўзда тутилмоқда.

Ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 2219 километр янги тармоқ ҳамда 221 та сув иншоотини қуриш, 729 километр тармоқлар ҳамда 163 та сув иншоотларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

361 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан электр ва газ таъминоти тизимини яхшилаш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Шунингдек, 214,2 мингта якка тартибдаги, 1182 та кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш, 378 та кўп хонадонли уй-жойлар ҳудудларини ободонлаштириш мўлжалланган.

280 та мактабгача таълим, 510 та мактаб, 237 та соғлиқни сақлаш ҳамда 439 та бошқа ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш белгиланди. Шу билан бирга, жами 2532 та бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш белгиланди.

Ирригация-мелиорация соҳасида, жумладан, 296 километр ирригация ва 1538 километр мелиорация объектларини қуриш ва таъмирлаш, 584 километр ирригация объектларини тозалаш кўзда тутилоқда.