Ўзбекистонда мавжуд кўприкларнинг аниқ сони ва ҳолатини аниқлаш мақсадида оммавий инвентаризация ўтказилади. У март ўрталаригача давом этади, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги қошидаги Йўл инспекцияси сунъий иншоотлар ҳолати устидан назорат бўлими бошлиғи Хайрулла Бойбулатов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ўтган йили республикада бир неча кўприк, жумладан Хоразм вилоятида Урганч-Чалиш автойўлидаги иншоот ва Қорақош-Заҳкаш кўприги, шунингдек Қоравулбозор-Бухоро йўлидаги кўприкнинг бешта йўлагидан бири қулаб тушган эди.

Хайрулла Бойбулатовнинг сўзларига кўра, Хоразм вилоятидаги кўприклар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўз далаларига хизмат кўрсатиш учун қурилган. Сўнгра кўприклар умумий фойдаланишдаги йўл ўтказгичлар рўйхатига киритилган.

«Бундай кўприклар нафақат Хоразм вилояти, балки бутун республикада мавжуд. Мавжуд кўприклар 1970-йиллар ва ундан аввал қурилган. Ушбу кўприклар ресурслари тугаб битган. Шунинг учун кўплаб кўприклар замонавий автомобиллар оғирлигига дош бера олмасдан қулаб тушмоқда. Агар кўприклардан эски юкламалар бўйича фойдаланилса, эҳтимол бузилмас эди», — деди у.

Давлат автомобиль йўллари ихтиёрида тахминан 7000 та кўприк мавжуд, бироқ бошқа маҳкамалар — Сув хўжалиги вазирлиги, туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаларига тегишли кўприкларнинг аниқ сонини ҳеч ким айта олмайди, деди Хайрулла Бойбулатов.

«Қисқа муддатда уларни қониқарли аҳволга келтириш имкони йўқ. Ҳозирда барча туман, шаҳар ва вилоятларда қўмита мутахассислари, ободонлаштириш бошқармалари ва Сув хўжалиги вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Биринчи босқичда кўприклар сони ва ҳолатини аниқлаш учун инвентаризация ўтказилади, авария ҳолатидаги кўприклар олдига айланиб ўтиш, ўтишни тақиқлаш, тезлик режимини чеклаш, вазн, ҳажм белгилари ўрнатилади», — деди у.

Текширувлар ниҳоясига етганидан сўнг кўприклар диагностикаси ўтказилиб, улар якуни бўйича қайси кўприкларни таъмирлаш, қайсиларини қайтадан қуриш кераклиги маълум бўлади, дея маълум қилди Йўл инспекцияси вакили.