Тошкентда 11−17 март кунлари экология, шахсий масъулият ва чиқиндилар билан муомала қилиш маданиятига бағишланган Hashar Week акцияси ўтказилади. Лойиҳа Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Тошкент ҳокимияти ҳамда «Махсустранс» корхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Акция доирасида пойтахтдаги 21 та махсус чиқинди йиғиш шохобчасида фақат сараланган маиший чиқиндилар қабул қилинади. Ташкилотчилар шу йўл билан одамларда чиқиндиларни саралаш кўникмасини ҳосил қилишни мўлжалламоқда.

Шаҳарликларга ўйин шаклида чиқиндиларни саралаш ва сурункали чиқиндихоналарни аниқлашга имкон берувчи мобил илова ишлаб чиқилмоқда. Иловада жисмоний ва юридик шахслар, мактаблар ва олий таълим муассасалари рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади. Фойдаланувчилар ўз ҳисобини юритади, ҳафта охирида эса ҳар бир тоифа бўйича ғолиблар тақдирланади.

Шунингдек, акция доирасида Давлат экология қўмитаси жамоатчилик учун тўртта маъруза, мактабларда очиқ дарслар ва Фотосуратчилар уйида кўргазма ташкил этади.

Лойиҳага тадбиркорларни ҳам жалб қилиш режалаштирилган. «Ўзбекистонда яшил иқтисодиёт: тасаввур ва ҳақиқат» мавзусида анжуман ўтказилиб, унда тадбиркорларга эко туризмни ривожлантириш тўғрисида ҳикоя қилинади, экологик стартап-лойиҳалар кўриб чиқилади.

«Дунёда экология долзарб мавзуга айланган. Бироқ бизнинг лойиҳамиз — хориждан олинган ғоя эмас. Бизнинг маданиятимизда ҳам экологик ҳаёт тарзи бор», — дейди Hashar Week лойиҳаси муаллифи, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти маърузачиси, экологик қадоқлар ишлаб чиқариш бўйича The K’orôbe London компанияси бошқарув директори ва халқаро сиёсий маслаҳатчи Суна Парк.

«Биз тозалаб туриладиган эмас, балки ифлослантирилмайдиган жойлар тоза деган ғояни тарғиб қилишни истаймиз. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз зиммасига масъулият олиши керак, уни давлат органларига юклаши эмас», — деди у.

Суна Парк шаҳар атрофларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқилиши ва маиший чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларининг бузилиши учун жарималар жорий этилишига умид билдирди.