Тошкент экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда пойтахтда «Яшил белбоғ» лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 19 февраль куни шу ҳақдаги ҳужжатни имзолади, дея хабар қилди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Лойиҳа Тошкент ҳалқа автомобил йўли атрофида босқичма-босқич, хусусан биринчи босқич 20 февралдан 20 апрелга қадар, иккинчи босқичда 20 октябрдан 20 декабрга қадар амалга оширилади. Унда шаҳар иқлимига мос, сувсизликка чидамли, тез ўсадиган япроқ ва игна баргли 4300 туп дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа доирасида Ободонлаштириш бош бошқармаси ва ободонлаштириш бошқармалари мутахассисларидан иборат гуруҳлар шакллантирилади, шунингдек, жойларда туман ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар томонидан белгиланган майдонларда манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатларини тўлиқ экилиши ва уларни ўзлари томонидан барча агротехника талаблари асосида парвариш қилиниши таъминланади.

Ҳоким қарорида пойтахтдаги маҳалла ва таълим муассасалари ҳудудига ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг июлида Тошкент экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусов шаҳарни чанглардан ҳимоя қилиш ва экологик вазиятни соғломлаштириш учун пойтахт атрофини «Яшил белбоғ» билан ўраб чиқиш режаси ҳақида маълум қилган эди.