14 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Миллий иммунизация тақвимига мувофиқ, янги вакцина жорий этилишини эълон қилди. У бачадон бўйни саратони сабабчиси ҳисобланган инсон папиллома вирусига қарши вакцина ҳисобланади, дея хабар қилди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9−14 ёшдаги 400 мингга яқин қизни инсон папиллома вирусига қарши эмлаш орқали касалликка чалиниш ва у билан боғлиқ ўлим ҳолатларини бартараф этишни режалаштирмоқда.

ССВ Санитария-эпидемиология бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунованинг маълум қилишича, вакцинация жараёни октябрда бошланиб, мактаблар ва тиббиёт муассасаларида ўтказилади.

Ҳудудларда Вакциналар ва иммунизация глобал алянси ёрдамида музлаткичли омборхона бинолари барпо этилмоқда. Ушбу омборхоналарга йилнинг биринчи ярмидан вакциналар етказилади ва сақланади.

Миллий статистикага кўра, бачадон бўйни саратони Ўзбекистонда барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги энг кенг тарқалган ўсма хасталиги ҳисобланади. У фертиль ёшдаги (14−55 ёш) аёллар ўртасида ўлимга олиб келувчи иккинчи асосий сабаб саналади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, 2006 йилда фойдаланиш вакцинадан фойдаланиш йўлга қўйилган. 100 дан зиёд мамлакат уни қўллаш бўйича рухсатномага эга, 74 давлат уни миллий эмлаш тақвимига киритган, вакцина 10 йилдан зиёд муддатлик таъсир кучига эга.

«Кўпчиликни вакцина репродуктив ёшдаги қизлар саломатлигига таъсир кўрсатмайдими, деган савол ўйлантиради. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, вакцина нафақат организмни бачадон бўйни саратонидан ҳимоя қилади, балки қизлар саломатлигини мустаҳкамлайди ҳам», — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси миллий ходими Камола Сафоева.