20 февраль куни Ўзбекистон мудофаа вазирлигида генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлик қўмондони генерал Жозеф Вотел музокаралар ўтказди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.

Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий таълим ва мудофаа соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди. Суҳбатда мамлакатлар ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётгани таъкидланди.

АҚШ томони ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳасида, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалаларига ва Ўзбекистон-Америка мудофаа идоралари ўртасидаги келишувларга Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этди.

Генерал Жозеф Вотел генерал-майор Баҳодир Қурбоновни мудофаа вазири лавозимига тайинлангани билан чин юракдан табриклади. Суҳбатда у, мазкур ташриф Тошкентга тўртинчиси бўлганини айтиб ўтди. Шунингдек, генерал Вотел ўтган ташрифидан қолган таассуротларидан энг ёрқини — Самарқанд шаҳрига саёҳати ва тарихий обидалар билан танишуви эканини мамнуният билан билдирди.

Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.

21 февраль куни Тошкентда илк бор Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари ЦЕНТКОМ қўмондони иштирок этади.