Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги расмий Telegram-каналида.

Давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказиш муддати 2020 йил 1 январгача узайтирилди.

Мажбурий ижро бюроси қошидаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази» Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилди.

2019 йил 1 июлдан давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш савдолари «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида амалга оширилади.

«E-IJRO AUKSION"да 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича қўйилган давлат кўчмас мулк объектлари улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмайди.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси тузилди.

2019 йил 1 мартдан давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушларини сотиб олиш тўловларини тўлашнинг қуйидагича муддатлари жорий этилди:

  • ЭКИҲнинг 3000 бараваригача — олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч ойдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 3000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 7000 бараваридан кўп бўлмаганда — олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб олти ойдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 7000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 15 минг бараваридан кўп бўлмаганда — олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йилдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 15 минг бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 20 минг бараваридан кўп бўлмаганда — олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб икки йилдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан юқори бўлганда — олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган муддатда.

Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари тўлов муддатларини узайтириш ва чегирмалар тақдим этиш механизмлари қўлланилмаган ҳолда сотилади.

Давлат органлари қарорлари бўйича сотилган объектларнинг олди-сотди шартномалари мажбурий нотариал тасдиқланмайди.

«Ноль» қийматда сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинди.