21 февраль куни Тошкентдаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бўлиб ўтади, дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Анжуман минтақада хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, шунингдек, терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишланади.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари ЦЕНТКОМ қўмондони иштирок этади.

Анжуманда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баходир Курбанов ҳам қатнашиши кўзда тутилган.

Анжуман доирасида делегация раҳбарлари алоҳида икки томонлама учрашувларни ўтказиши, шунингдек, делегация аъзоларининг Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясидаги ўқув жараёнини кузатишлари, Ҳасти Имом мажмуаси ва Темурийлар тарихи давлат музейи билан танишиши ҳам режалаштирилган.