Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг очиқ суд мажлисида Бектемир Ихтиёровнинг жиноий иши кўриб чиқилди. Туман кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги сайёр суд мажлисида мазкур жиноят ишига доир далиллар ўрганилиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бектемир кечки пайтга уйга қайтаётганда машинани нисбатан тез ҳайдади. Узоқда светофорнинг яшил чироғи ёнганини кўриб, газ тепкисини босиб, тезликни оширди. Қарама-қарши йўналишдаги машиналар чироғидан кўзи қамашган ҳайдовчи деярли ҳеч нарсани кўрмади. Шу пайт машина нимагадир қаттиқ урилиб, олд ойнаси чилпарчин бўлди.

Икки пиёдани уриб юборгани маълум бўлгач, уларга ёрдам бериш борасида иккиланди ва воқеа жойидан қочиб кетди. Машинани овлоқ далада қолдириб, уйига қайтди. Эртаси куни бўлган воқеани аввал уйидагиларга, кейин ички ишлар ходимларига айтди…

Суд мажлисида Б.Ихтиёровнинг қилмиши қаттиқ қораланди. Марҳум Х.Йўлдошев ўша машъум авариядан олган тан жароҳатлари оқибатида орадан 8 кун ўтиб, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмди. У эндигина 22 ёшни қарши олган эди. 3 нафар бири-биридан ширин жажжи фарзандлари отасиз қолди.

Йўл транспорт ҳодисасининг яна бир қурбони Ғ.Зиямутдинов эса воқеа жойида ҳалок бўлди. Воҳоланки, уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганида ҳаёти сақлаб қолинарди, эҳтимол.

Суд Б.Ихтиёровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топди. Унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.