2018 йилда Бош прокуратура томонидан Вазирлар Маҳкамаси, Қурилиш ва Маданият вазирликлари ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳрининг тарихий марказида янги қурилган бино-иншоотлар хатловдан ўтказилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Ўрганишлар натижасида 2015−2018 йилларда жами 159 объект — 75 та турар жой, 84 та нотурар жой бинолари шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмасдан ноқонуний қурилганлиги аниқланди.

Жумладан, 34 объектга ер ажратиш ёки қурилишга рухсат беришга оид тегишли ҳоким қарорлари чиқарилмаган, 73 объектнинг лойиҳаларига экспертиза, 102 объектга шаҳарсозлик кенгаши хулосалари олинмаган. Шунингдек, ноқонуний қурилган объектларнинг аксарияти Маданият вазирлиги ва «ТошбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси билан келишилмаган ҳолда қурилган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижасида қурилиш нормаларига риоя қилмаганликлари учун 132 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 56 та қарорига протест келтирилган, 1 та жиноят иши қўзғатилган, ноқонуний қурилган объектларни бузиш ҳақида судларга 12 та даъво аризаси киритилган.

Шунингдек, мазкур 159 объектнинг 18 таси республика миқёсида, 141 таси вилоят миқёсида ҳал этилиши бўйича хулоса тузилган.

Бугунги кунда мазкур объектларни бузиш, қисман бузиш, айримларини Маданият вазирлиги ва «ТошбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси хулосаларини олган ҳолда фасадлари кўринишини ўзгартириш юзасидан ишлар бошланди.

Очиқ осмон остидаги музей, дея эътироф этилаётган Самарқанднинг тарихий қиёфасини яратиш учун Кўксарой майдонидаги 12 қаватли вилоят кенгашлар уйинининг баландлигини пасайтириш ҳам таклиф этиляпти.