Жорий йилда Тошкент ҳайвонот боғига Москва ҳайвонот боғидан ўн турдаги ҳайвонлар олиб келиниши режалаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг «2016 — 2020 йиллар давомида Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан Тошкент ҳайвонот боғи ҳудуди кенгайтирилиб, Сафари парки очилади. Янги акванариум биноси қурилиб, бу ерда денгиз ҳайвонларининг турлари кўпайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Тошкент ҳайвонот боғига уюштирилган пресс-турда маълум қилинди, дейилади ЎзА хабарида.

— Тошкент ҳайвонот боғи 21,5 гектар майдонни эгаллаган, — дейди боғ директори Баҳодир Мусаев. — Мазкур ҳайвонот боғи 13 бўлимдан иборат. Бу ерда 346 турдаги 10 мингдан ортиқ ҳайвон мавжуд. Бир йилда ушбу ҳайвонот боғига 650 мингга яқин фуқаро ташриф буюради.

Таъкидланишича, Тошкент ҳайвонот боғи 2000 йилдан бошлаб нуфузли «ЕАРАЗА» — Европа-Осиё ҳайвонот боғлари аквариумларининг ҳудудий ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Мазкур ҳайвонот боғи «ЕАРАЗА» орқали кўплаб хорижий давлатлар ҳайвонот боғлари билан яқин алоқа ўрнатиб, ҳайвонларни бепул манфаатли айирбошлаш ҳамда қимматбаҳо маълумотлар олиб туриш имконига эга.

Боғ мутасаддиларининг маълум қилишича, 2016 йил 20 майда Вазирлар Маҳкамасининг «2016 — 2020 йиллар давомида Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, Тошкент ҳайвонот боғини замонавий маданий-томоша ва илмий-маърифий давлат муассасаси сифатида ривожлантириш, ҳайвонот боғи коллексиясини ноёб ҳамда экзотик ҳайвонлар билан тўлдирилиши таъминланади.

Ҳайвонларни сақлаш учун қулай шарт-шароит яратилади. Шунингдек, ҳайвонот боғи объектлари қуриш, уларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш бўйича халқаро талабларга мувофиқ жиҳозлаш йўли билан ҳайвонот боғи инфратузилмаси ва моддий-техник базасини такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Зоологик изланишлар, лабораториялар, зоомуҳандисликни ривожлантириш учун замонавий илмий мажмуа ташкил этиш йўли билан илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳайвонларни тутқунликда сунъий кўпайтириш, бошқа ҳайвонот боғлари билан ҳайвонларни айирбошлаш, ҳайвонот боғи генофондини сақлаш, тўлдириш ҳамда янада бойитиш ишлари олиб борилади.