Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев Мирзаобод туманидаги «Бек кластер» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган пахтани қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар билан мулоқот қилди, дейилади ЎзА хабарида.

2018 йилда Туркиянинг «SUMER» компанияси билан ҳамкорликда фойдаланишга топширилган заводда йилига 60 минг тонна пахта қайта ишланади. Корхонада 200 иш ўрни яратилган.

Президент ўтган йили Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида «Бек кластер» корхонасида бўлиб, уни янада ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди.

«Бек кластер"га президент қарори асосида 18 минг гектар ер майдони ажратиб берилган. 2018−2022 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастури қабул қилинган бўлиб, бу борада Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда режалар тузилган.

«Бек кластер"га тегишли корхоналарда мингга яқин доимий иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, 1 минг 800 нафар киши мавсумий ишларга жалб қилинади. Янги завод қўшма корхонага қарашли ерларда етиштирилаётган пахта хомашёсини чуқур қайта ишлашда муҳим аҳамият касб этади.

— Қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиш доимий эътиборимизда бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бусиз юқори ҳосилдорликка эришишнинг иложи йўқ. Шу жиҳатдан, «Бек кластер» корхонаси томонидан илмий муассасалар билан ҳамкорликдаги ишларни қўллаб-қувватлаймиз.

Шу ерда Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Жумладан, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, уруғчилик ва узумчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ер майдонларини қайта ўзлаштириш, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурига оид аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши туфайли яна минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.