Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, 2019−2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари ташкил этилади.

Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази ташкил этилди.

Болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари биринчи навбатда ипподромлар ҳудудида ташкил этилади.

2019 йилда от спорти бўйича ҳудудлар ва республика биринчилиги мусобақалари ўтказилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни иппотерапия услуби (отда юриш орқали физиотерапевтик даволаш) ёрдамида тиббий-ижтимоий реабилитация қилинади.