Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт, косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний равишда олиб кирилишини фош қилишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, «Келес» темир йўл чегара божхона пости ҳамда Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари «Уфа-Тошкент» йўналишида кириб келган халқаро поезд йўловчиларидан бирига тегишли бўлган умумий қиймати 64,1 миллион сўмни ташкил қилувчи 140 турдаги 985 дона парфюмерия моллари, 121 дона аёллар гигиеник воситалари, шунингдек, қуруқ чой, конфет ва болалар озуқаларини тижорат мақсадида декларацияламаган ҳолда олиб ўтишга уринган вақтида тўхтатиб қолинди.

Яна бир ҳолатда, «Новосибирск-Тошкент» халкаро йўловчи поездининг йўловчиларидан бири 5 турдаги 460 дона жарроҳлик операцияларида ишлатиладиган тиббиёт воситалари, 5521 дона биологик фаол қўшимчалар, парфюмерия ва косметика воситалари, сувенирлар ҳамда маиший техника буюмларини божхона назоратидан яшириб олиб келаётганлиги маълум бўлди. Аниқланган товарларнинг умумий қиймати 1,9 миллиард сўмни ташкил этди.

«Москва-Андижон» халқаро йўловчи поездининг йўловчилари С.Х. ва А.Қ. эса умумий қиймати 72,6 миллион сўмлик 19 минг 200 дона мобил телефони учун сим карталар, 10 дона рациялар ва бошқа товарларни вагоннинг кўз илғамас жойларига яширган ҳолда олиб ўтишга бўлган уриниши аниқланди.

«Бош почтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан ҳам божхона қонунларини бузилиш ҳолати ўз вақтида аниқланди. Яъни хориждан фуқаролар М.А., Д.Т., М.Ш., М.Д. номига келтирилган почта жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилганда «CN23» шаклдаги божхона декларациясида кўрсатилмаган умумий қиймати салкам 250 миллион сўмлик 1518 дона турли хил стоматологик ускуналар борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича юзасидан божхона текшируви ҳаракатлари давом эттирилмоқда.