2019 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Кун тартибидаги дастлабки масала — «Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, президентнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномаси ҳамда 2019 йил 28 январдаги Фармонига мувофиқ тайёрланган ушбу лойиҳа билан ҳукумат аъзоларини тайинлаш ва тасдиқлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Хусусан, бош вазирнинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзоди Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин, бош вазир тақдимига биноан, президент томонидан тасдиқланади. Ҳукумат аъзосининг номзоди аввалига Қонунчилик палатасидаги масъул қўмита, фракциялар томонидан дастлабки тарзда, кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланади. Номзод мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, ташкилий-техник чора-тадбирларни ҳамда истиқболдаги вазифаларни назар тутувчи ўз ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоси номзодини рад этган тақдирда, бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни тақдим қилади. Ҳукумат аъзоси президент томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.

Шундан сўнг депутатлар навбатдаги масала — «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасига киришдилар.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатларининг қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган ушбу лойиҳа Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Маълумки, бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — парламентга сайловлар йили бўлади. Ҳозирда мамлакатимиз сайлов қонунчилиги 5 та қонун билан тартибга солинади. Бу эса, ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликлар туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади.

Шулардан келиб чиқиб тайёрланган Сайлов кодекси лойиҳасини яратиш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг ушбу соҳадаги амалий тажрибаси пухта ўрганилди. Кодекс лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида 2018 йил 19 июлда Олий Мажлис палаталари томонидан Марказий Сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») тасдиқланди. Унга мувофиқ, лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар, амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди. 2018 йил 16−17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда олинган таклифлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Депутатларнинг фикрича, Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллашда бир қатор қулайликлар яратади, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

Баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.