15−17 февраль кунлари Тошкент Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг I очиқ чемпионатига мезбонлик қилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Беллашувларда конфедерацияга аъзо Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон мамлакатларидан 150 нафардан зиёд ўсмирлар ва кадетлар совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

Уч кун давом этган беллашувларда 36 та медаль қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик спортчилар мусобақа давомида 11 та олтин, 9 та кумуш ва 16 та бронза медалига сазовор бўлди. 1 та олтин медаль эса Туркманистоннинг иккинчи ўриндан жой олиши учун етарли бўлди.

Қозоғистон спортчилари 2 та кумуш ва 7 та бронзага эга чиқди. Қирғизистонлик ёш қиличбозлар эса мусобақада 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Афғонистонлик спортчилар эса мусобақани медалсиз якунлади.