Молия вазирининг 18 февралдаги буйруғи билан Абруев Жамшид Исмоилович Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Жамшид Абруев (1979 йилда туғилган) 1999 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини, 2004 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини молия мутахассислиги бўйича тамомлаган. Тайинловга қадар Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

Шунингдек, молия вазири буйруғи билан Ҳудудлар молияси бош бошқармаси бошлиғи лавозимига Давлатов Муродбек Сапарбаевич тайинланди.

Муродбек Давлатов (1978 йилда туғилган) 1999 йилда Урганч давлат университетини, 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва 2006 йилда Банк-молия академиясини банк иши ва молия мутахассислиги бўйича тамомлаган. Ҳозирга қадар Молия вазирлигининг Агросаноат мажмуа молияси бошқармаси бошлиғи ўринбосари — Агросаноат мажмуининг қайта ишлаш ва бошқа тармоқлари молияси ва нархларни тартибга солиш бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган.

Молия вазирининг 18 февралдаги буйруғи билан Севастопол давлат университети (Россия) бюджетни режалаштириш бошқармаси бошлиғи Юнусов Мохир Муратжанович Молия вазирлиги Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Мохир Юнусов (1981 йилда туғилган) 2001 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини бакалавр, 2002 йилда Германиянинг Бремен университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.