Самарқанд вилоятидаги 330 та маҳаллада ташкил этилган «Жамоатчилик назорати маскани"да хизмат олиб бораётган кўнгилли, фидойи ёшлар томонидан йил бошидан буён 50 дан ортиқ жиноятнинг олди олинди, 1000 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

— Жамоатчилик назорати масканлари — жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ўзига хос таянч бўлмоқда, — дейди Самарқанд вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Р.Раҳимов. — Айниқса, Самарқанд шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» концепциясини амалга ошириш жараёнида ушбу масканлар фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда шаҳарда мавжуд 92 та жамоатчилик назорати масканларининг 23 тасида видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлиб, маҳалла ҳудуддаги объектлар кузатиб туради. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Нафосат маҳалласида ўрнатилган жамоатчилик назорати масканидаги кузатув камералари орқали 3 та кўча, 1 та ресторан, 1 та автотураргоҳ ва атрофдаги бошқа объектларни кўриб туриш мумкин. Ўз навбатида, жамоатчилик назорат масканлари фаолиятини кузатиш мақсадида бино ичига ҳам камера ўрнатилди. Бу видеокузатув камералари вилоят ички ишлар бошқармасининг ситуацион марказига уланган ва тўғридан-тўғри кузатиб борилади.

Ушбу тизим афзаллиги туфайли вилоят ҳокимлиги Самарқанд шаҳрида яна 50 та намунавий, видеокузатув ва бошқа техник воситалари билан жиҳозланган жамоатчилик назорати масканлари ташкил этишга қарор қилди.