Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларида ахлоқий-руҳий таъминот ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини юксалтириш, мамлакат тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга, ҳалол ҳарбий хизматчиларни тарбиялашга қаратилган Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ахлоқий-руҳий таъминот концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қўшма қарор имзоланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тегишли вазирлик ва идора раҳбарларининг соҳа бўйича ўринбосарлари, ҳарбий округ қўшинлари ва унга тенглаштирилган бирлашмалар қўмондонлари, мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари, ҳарбий қисм командирлари ва муассаса бошлиқлари мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади.

Ушбу Концепция Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа Доктринаси тўғрисида"ги қонуни ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий ташкилоти фаолиятининг амалдаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базаси асосида Қуролли Кучларнинг ҳарбий ҳаракатларини ахлоқий-руҳий таъминлаш соҳасидаги қарашлар, асосий тушунчалар, мақсад ва вазифалар, қонуният ва тамойиллар, йўналишлар, шакл ҳамда усуллар тизимини ўзида акс эттиради.

Концепцияда Марказий Осиё мамлакатларида инқирозли вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ички сиёсий барқарорликка таҳдидлар, ахборот коммуникация маконида Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, мустақиллигига, ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган ҳамда аҳолининг тинч ҳаётига таҳдид солувчи эҳтимолий мафкуравий ва психологик ҳаракатларга қарши курашиш йўллари келтириб ўтилган.

Ахлоқий-руҳий таъминот бу — Қуролли Кучлар бошқарув органлари, қўмондонлар, штаблар, тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари, бошқа бошқарув органлари ва мансабдор шахслар томонидан шахсий таркибнинг ҳар қандай вазиятларда қўйилган вазифаларни сўзсиз бажарилишини таъминлайдиганюқори ахлоқий-руҳий ҳолати ва бошқа сифатларини шакллантириш, сақлаб туриш ва тиклаш бўйича мақсадлари, вазифалари, жойи, вақти, кетма-кетлиги, жалб қилинадиган куч ва воситалари бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар мажмуидир.