Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси делегацияси жорий йилнинг 11−14 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Гужарат штатида бўлиб ўтган Полиция академиялари халқаро ассоциациясининг саккизинчи конференциясида иштирок этди. «Киберхавфсизлик ва кибержиноятларга қарши курашиш» мавзусига бағишланган бу галги тадбирга Гужарат криминалистика университети мезбонлик қилди.

Ўзбекистон ИИВ академияси Полиция академиялари халқаро ассоциациясининг аъзоси ҳисобланади. Мазкур конференцияда Ўзбекистон вакиллари билан бир қаторда Австралия, Буюк Британия, Бразилия, Испания, Камбоджа, Македония, Мьянма, Монголия, Кувайт, Саудия Арабистони, Тайвань каби дунёнинг 40 га яқин мамлакатларидан ташриф буюрган полиция олий ўқув юртлари делегациялари иштирок этдилар.

Конференция доирасида ИИВ академияси делегацияси бир қатор хорижий давлатлар вакиллари билан музокаралар ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари истиқболларини муҳокама қилдилар.

Жумладан, тадбир давомида Ўзбекистон ИИВ академияси ва Гужарат криминалистика университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Маълумот учун, Гужарат криминалистика универститети 2008 йил 30 сентябрда ташкил этилган бўлиб, мазкур соҳага ихтисослашган дунёдаги дастлабки университет ҳисобланади.