Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида «Inha» глобал таълим марказининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марказнинг очилиши маросимида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов ва лойиҳа декани Чой Ки Янг ҳам иштирок этди.

«Inha» глобал таълим маркази IUT ва Inha универститетида ўқишга интилаётган маҳаллий ҳамда хорижий талабаларга маслаҳатлашув хизматларини тақдим этади. Тошкент шаҳрида жойлашган ушбу расмий маслаҳат маркази турли маълумотларни олишда ахборотдан қулай ва тезкор фойдаланиш имкониятини таъминлайди. Бу хорижлик талабаларга ўқиш тизимига кўникиш ва мослашишга ёрдам беради.

Шу билан бирга марказ Ўзбекистондаги Инҳа университети талабалари билан алмашиш, стипендиялар хақида маълумот бериш, телефон орқали талабалар билан алоқада бўлиб туриш бўйича хизматларини тақдим этади, талабнома бериш ва факультетни танлашда ҳамда йўналтиришда ёрдам беради.