14 февраль куни Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бор умумий қиймати 1 млрд доллар бўлган евробондларни сотувга қўйди. 500 млн доллар бўлган 5 йиллик қоғозларнинг даромадлилиги йилига 4,75 фоизни, 10 йиллик евробондлар (500 млн долларлик) — 5,375 фоизни ташкил этди.

Молия вазирлиги матбуот хизматининг Лондон фонд биржами ҳисоботига таяниб хабар қилишича, қарз облигацияларини қоплаш муддатлари 2024 ва 2029 йилнинг февраль ойига белгиланди.

Инвесторлар талаби жойлаштирилган облигациялар ҳажмига нисбатан қарийб 4 баробарга ортиб, буюртмалар китоби ёпилиши арафасида тахминан 150 институционал инвестордан 3,8 млрд долларни ташкил этди. Бу аризаларни йиғиш жараёнида облигациялар даромадлилигини 5,625−5,75 фоиз ва 6 фоиздан мос равишда йиллик 4,75 фоиз ва 5,375 фоизга қадар пасайтиришга хизмат қилди.

5 ва 10 йиллик евробондларнинг катта қисмини — мос равишда 39 ва 32 фоизини Буюк Британия, 23 ва 31 фоизини Америка, 32 ва 27 фоизини Европа, 6 ва 10 фоизини эса Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан бўлган сармоядорлар харид қилди.

75 ва 78 фоиз евробондларни фондларни бошқарувчи компаниялар сотиб олган бўлса, суғурта компаниялари ва пенсия жамғармалари 20 ва 16 фоиз облигацияларга соҳиб чиқди. Банклар ва хусусий банклар 5 ва 6 фоиз облигацияларга харидор бўлди.

«Евробондларнинг дебют жойлаштириши муваффақияти инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиётининг мустаҳкам асослари, ислоҳотлардаги силжишлар ва қарзлар бошқаруви стратегиясига ишончида акс этади», — дейилади биржа хабарида.