Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ЎзЛиДеП фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси ҳамкорлигида 2019 йил 14 февралда ташкил этилган давра суҳбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётида, айниқса, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашда қонун устуворлигининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган меҳнат ва меҳнат муҳофазаси масалалари, бандлик соҳасида белгиланган кафолатларнинг таъминланиши, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланмаслик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлашни таъқиқлаш ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғуртаси каби масалаларни тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида депутатлар, қўмита аъзолари, экспертлар, Тошкент шаҳридан бир гуруҳ маҳаллий кенгаш депутатлари, ЎзЛиДеП партияси фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, иш берувчилар, касаба уюшмалари ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳам айнан ушбу ҳужжатларда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Тадбирда қайд этилганидек, 2017 йил ва 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида судлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун 431 нафар шахсга нисбатан 354 та жиноят иши кўриб чиқилган. Иш берувчилар томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 37 мингдан зиёд ҳуқуқбузарликлар содир этилган, 405 та ҳолатда квота иш ўринлари яратилмаган, 3300 та вакант иш ўринлари яширилган, иш берувчиларнинг 355 таси фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилмаган.

Давра суҳбатида қўмитанинг жойлардаги ўрганишлари ва фуқаролар билан бўлган мулоқотларида иш берувчи томонидан ишга қабул қилиш тартибини бузиш, иш ўринларининг мажбурий аттестациясини ўтказишни рад этиш, меҳнат муҳофазаси талабларини бажармаслик ҳолатлари ҳам учраётгани таъкидланди.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик ва ғайриқонуний равишда ишдан бўшатганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган. Шунингдек, иш берувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслик, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби ҳолатларда маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб жарима миқдорини ошириш белгиланган.

Давра суҳбатида фуқароларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаган ҳолатда жавобгарликни кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини, аҳоли бандлиги ва меҳнат муҳофазаси соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтиришни ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни тоифалашда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш имконини беради.

Давра суҳбати якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.