Босма маҳсулотлар ҳамда даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини камайтириш кўриб чиқилмоқда, дея хабар қилди Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги Telegram-каналида.

Бугунги кунда қонунчилик асосида тузилган рўйхатга кўра, умумий ҳисобда 43 та давлат идораcи ва ташкилотига 71 та босма маҳсулот ҳамда рўйхат асосида 25 та идорага 84 донадан газета ва журнал мажбурий бепул тарқатилади. Бунда мажбурий бепул бериладиган босма маҳсулотлар матбаа корхонлари ва нашриётларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади, дейилади хабарда.

Бу борада хориж тажрибаси ўрганилганда Россияда 16 та, Швецияда — 8 та, Финляндияда — 7 та, Норвегияда — 5 та, Полшада — 11 та, Чехияда — 17 та, Болгарияда — 22 та, Италияда — 5 та, Португалияда — 12 та, Хитой ва Мексикада — 1 та, АҚШда — 2 донадан асосан миллий ахборот-кутубхона муассасаларига бепул мажбурий нусхалар берилиши аниқланди.

«Ҳозирги вақтда ОАВнинг электрон турлари оммалашгани ҳамда нашриёт, таҳририят ва матбаа корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик томонидан мажбурий бепул нусхаларни тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилган. Даврий нашрлар ва китоб маҳсулотларига эҳтиёжи бўлган ташкилотлар уларни обуна бўлиш орқали олишлари мумкин бўлади», — дея қайд этади агентлик.