Бугунги кунда блокчейн, яъни келажак технологиялари ишлаб чиқаришда дунёда етакчи саналган «Blockfusion Technologies Inc» компанияси Ўзбекистон иқтисодиётига салмоқли сармоя киритишга қарор қилган. Канаданинг ушбу нуфузли фирмаси раҳбарияти Қашқадарё вилоятини инвестициявий фаолият юритиш учун мақбул ҳудуд сифатида танлаган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Улуғбек Эрназаров маълум қилди.

Қайд этилишича, компания делегацияси чет эллик сармоядорларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ўтган ҳафта сўнгида воҳада бўлган. Хорижлик меҳмонлар ҳудуд халқ хўжалиги ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлиш учун Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилган. Компания вакиллари узоқ муддатли келишув таклиф этгани ҳам Қашқадарёдаги ишбилармонлик муҳити, мавжуд шарт-шароит, потенциал бозор уларни ҳар томонлама қаноатлантирганидан далолат беради.

Ташриф давомида вилоят ҳокимлигида расмий учрашув ҳам ташкил этилган. Самарали музокаралардан сўнг вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва компания бош ижрочи директори Эмилиано ло Манто томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Ушбу ҳужжатда келтирилишича, келгусида вилоятда компания фаолияти аниқ бир тармоқ билан чекланмайди, аммо тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, эксперт маслаҳати бериш, қатор мутахассисликлар бўйича ўқитиш асосий йўналишлар бўлиб қолади. Шу мақсадда сунъий интеллект, виртуал воқелик, блокчейн технологиялари сингари электрон хизматлар маълумотларини қайта ишловчи замонавий марказ ташкил этилади. Рақамли инновацион марказда эса хусусий сектор вакиллари техник персонали ўқитилади. Бу ерда хизматлар соҳаси, савдо-сотиқ, экспорт фаолияти бўйича маслаҳатлар ҳам берилади.

Мутасаддининг сўзларига кўра, Канада компанияси жорий йилдаёқ мазкур истиқболли лойиҳани рўёбга чиқаришга киришади. Чет эллик инвесторлар дастлаб 5 миллион АҚШ доллари миқдорида капитал олиб киришни, 5 йил давомида эса ушбу сармояни 200 миллион долларга етказишни мақсад қилишган.