Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев бугун (Тошкент вақти вақт билан эртага тонгда) навбатдаги жангини ўтказади. Бу ҳақда olamsport.com хабар берди.

Айни пайтда Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) рейтингида бешинчи ўринни эгаллаб турган Шоҳжаҳон АҚШнинг Канзас штати Малвэйн шаҳридаги Kansas Star Arena мажмуасида америкалик Майкл Фоксга қарши рингга кўтарилади.

Бугун боксчилар анъанага кўра тарозидан ўтиш маросимида иштирок этишди. Эргашев 63,5 кг тош босди. Шоҳжаҳондан бўйи сезиларли даражада баланд бўлган Фокс ҳам деярли шунча вазнга эга эканлиги ойдинлашди.

Эслатиб ўтамиз, иккала боксчи ҳам фаолиятларида ҳали мағлубият аламини тотиб кўрмаган. Ҳатто дуранг ҳам йўқ. Фокс 19 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган. Эргашев ва Фокс ўртасидаги жанг эртага соат 06:00дан бошлаб «Sport» телеканалида тўғридан-тўғри намойиш этилади.