Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июндан:

давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар исталган жойдаги Давлат хизматлари марказларидан (прописка ва почта манзилидан қаътий назар) мурожаат қилишга ҳақли;

давлат хизматларини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.

2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланади.

2019 йил 1 апрелдан қуйидаги ҳужжатларни олиш бўйича талаблар бекор қилинади:

Экспорт контракт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

Мол сўйишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаси;

Ер қаъри участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлигини ҳақида хулоса;

Вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари реклама қилишга рухсатнома:

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қиладиган тадбиркорлик субъектларининг савдо объектлари жойлашуви;

Ерларнинг барча тоифаларида геологик-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа турдаги қидирув ишларини олиб боришга рухсатнома.