13 февраль куни Алмати шаҳрида Марказий Осиё баскетбол ассоциацияси (CABA)нинг навбатдаги Конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Халқаро баскетбол федерациялар ассоциацияси (FIBA)нинг Осиё минтақаси бўйича Бош котиби Агоп Хаджирян ҳамда Конфедерацияга аъзо мамлакат вакиллари иштирок этишди. Мазкур йиғилишда, ташкилотнинг штаб-квартираси Тошкент шаҳрига кўчирилди.

Шунингдек, Конференция давомида бир йўла икки нафар ўзбекистонлик мутахассис CABAнинг Марказий Кенгаш таркибига кирди. Ўзбекистон баскетбол федерациясининг биринчи вице-президенти Хуршид Ғиёсов CABAда ғазначилик бўлимини бошқарадиган бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон баскетбол федерацияси Бош котиби Равшан Ғаниев минтақавий Конфедерацияда ҳам Бош котиб сифатида иш юритади.

Маълумот учун, мазкур Конфедерация Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон баксетбол федерацияларидан ташкил топган. Бунгача ташкилот қароргоҳи Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида жойлашган эди.