Ўзбекистон 14 февраль куни 500 млн доллар миқдоридаги беш йиллик евробондлар ва 10 йиллик 500 млн долларлик евробондларни жойлаштиришни режалаштирмоқда. Даставвал купонлар диапазони 5,625−5,75 фоиз ва 6 фоиз этиб белгиланди. Бироқ талаб юқори бўлгани сабабли еврооблигациялар фоиз ставкалари Тошкент вақти билан 22:30 да 4,75 ва 5,375 фоизгача пасайтирилди.

Лондон фонд биржаси буюртмалар китоби чоршанба куни очилди ва у бир кун давом этади. Савдолар очилганидан сўнг Тошкент вақти билан 19:15 да буюртмалар ҳажми 8,5 млрд доллардан ошиб кетди, бунда Ўзбекистон 1 млрд доллардан зиёд бўлмаган миқдорда евробондларни жойлаштиради. Китоб ва жойлаштириш жараёнининг пайшанба куни 13:00 да ёпилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон номидан евробондлар JP Morgan Chase, Citibank ва «Газпромбанк» томонидан жойлаштирилмоқда.

Reuters агентлигининг Aberdeen Standard Investments компанияси инвестициялар бўйича директори Кевина Дейлига асосланиб хабар қилишича, Ўзбекистон давлат қарзлари миқдорини ЯИМга нисбатан 20 дан 30 фоизгача оширишни режалаштирмоқда.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат вакиллари 1 млрд долларлик еврооблигациялар жойлаштирилганидан сўнг бозорга яна қайтиш ва мунтазам равишда облигацияларни жойлаштириш ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистон ҳукумати билан бир қаторда, мамлакатдаги иккита банк ҳам халқаро қарз бозорига чиқишни режалаштирмоқда. Эҳтимолий номзодлар сафида «Саноатқурилишбанк», «Асака», «Ипотека» ва Миллий банк бор. «Ўзбекнефтгаз» компанияси ҳам қарз бозорига чиқишни мўлжалламоқда.

Фонд менежерлари беш ва ўн йиллик облигациялар даромадлилиги мос равишда 5 ва 6 фоиз бўлишини тахмин қилмоқда.

«Биз [Ўзбекистонни] Озарбайжон билан таққосламоқдамиз, бироқ Ўзбекистон шаффофлик йўқлиги сабабли кўпроқ тўлашига тўғри келмоқда», — дея қўшимча қилди фонд менежери. Озарбайжоннинг 2024 йилда қопланиши лозим бўлган облигациялари фоиз ставкалари 4,3 фоизни ташкил этмоқда.