Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилда сўм курсини қўллаб-қувватлашга 3,8 млрд доллар миқдоридаги валюта интервенциясини амалга оширди, дейилади МБнинг пул-кредит сиёсати таҳлилида.

Аввалроқ Марказий банк раиси ўринбосари Тимур Ишметов ўтган йили валютага бўлган талаб бозор ва экспортёрлар ҳисобидан қоплангани олтин-валюта захираларидан ушбу мақсадларда фойдаланиш 53 фоиздан 37 фоизгача қисқаришига олиб келганини маълум қилган эди. Жумладан, Марказий банк маблағларидан ушбу мақсадларга 3,2 млрд доллар ажратилган.

МБ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2018 йилда хорижий валютага бўлган умумий талаб 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга ортиб, 10,4 млрд долларни ташкил этган.

Интервенциялардан ташқари, хорижий валютага бўлган талаб тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, экспортдан (14,3 млрд доллар) тушумлар ва халқаро пул ўтказмалари (5,1 млрд доллар) ҳисобига ҳам қопланмоқда.

«Ташқи валюта оқимларининг етарлича ҳажмлари айирбошлаш курсининг кескин тебранишларига барҳам беришга имкон туғдирди», — дейилади таҳлилда.