Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Bloomberg`га берган интервьюсида евробондларнинг чиқарилиши Ўзбекистон учун қанчалик аҳамият касб этиши тўғрисида сўзлади. Молия вазирлиги матбуот хизмати суҳбат видеоёзувини эълон қилди.

Пайшанба куни Ўзбекистон беш йиллик 500 млн ва ўн йиллик 500 млн долларлик евробондларни сотувга чиқарди.

Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йилда давлат компанияларининг эмас, балки тижорат банкларининг қарз бозорига чиқиши кутилмоқда. «Биз улар учун [кейинчалик корпоратив еврооблигациялар чиқаришлари учун] яхши йўналиш (benchmark)», — деди у.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг иккита банки қарз бозорига чиқишни режалаштираётгани, эҳтимолий номзодлар орасида «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака», «Ипотека» банклари ва Миллий банкнинг борлиги ҳақида ёзган эдик.

Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон суверен евробондларининг чиқарилиши салоҳиятли сармоядорлар учун яхши янгилик бўлишига ишонч билдирди. «Облигациялар эмиссияси бизни барча чет эллик инвесторлар ва барча ҳамкорларимиз олдида жавобгар қилади», — деди вазир.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда статистик маълумотлар шаффофлиги ва инглиз тилидаги маълумотларнинг йўқлиги ҳақидаги фикрларга ҳам изоҳ берди.

«Статистик маълумотлар очиқлиги муаммоси биз учун янги. Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси методлари ва стандартлари бўйича маълумотларни тарқатиш тизимига ўтди ва ҳозирда барча иқтисодий маълумотларни ХВЖ сайтидан топиш мумкин. Айни вақтда биз барча маълумотларни онлайн-режимда инглиз тилига таржима қилиш устида иш олиб бормоқдамиз. Масалан, Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқа етакчи иқтисодий институтлар маълумотларини. уларда ҳозирданоқ инглиз тилидаги айрим маълумотлар мавжуд, бироқ биз ушбу йўналишдаги фаолиятимизни яхшилашимиз керак», — дея тан олди у.

Валюта бозорининг тўлиқ либераллаштирилиши муддатлари тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, молия вазири 2017 йил сентябридан буён Ўзбекистонда хорижий валюта эркинлаштирилгани ва бугун эркин айрибошлаш ва ўзгарувчан курс мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

«Барча, биринчи навбатда инвесторлар даромадлар ёки импорт шартномалар репатриацияси учун валютани эркин сотиб олишлари мумкин. Бироқ ҳозирча валюта бозорида капитал ҳаракатига айрим чекловлар мавжуд», — деди у.