Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага босим ўтказилаётгани йўқ, унинг шифокорлар қабулига эркин кириши таъминланган, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Пайшанба куни Гулнора Каримованинг ўғли кичик Ислом Каримов Instagram-саҳифасида тергов органлари онасига «гипертоник инқирозга қадар ноинсоний босим» ўтказаётгани ҳамда унинг шифокорлар қабулига киришига рухсат берилмаётганини ёзди.

«Асосланмаган важлар тилга олинди, Гулнора Каримовага ҳар доим жумладан ўзи сўраган шифокорлар қабулига эркин кириш имкони берилган. Унга нисбатан босим ўтказилаётгани йўқ», — деди Бош прокуратура вакили «Газета.uz"га.

Гулнора Каримова 2015 йил августида беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Ўша вақтда унга нисбатан яна бир жиноят иши давом этаётганди. Иккита жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 3,7 трлн сўмни ташкил этади.