Инновацион ривожланиш вазирлиги 13 февраль куни бир кунлик иш қидираётган фуқаролар учун Job Cafe мобиль иловасининг демо варианти тақдимотини ўтказди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Мобил илова Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказининг Тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бўлимининг етакчи мутахассиси Рустам Иброҳимов томонидан яратилди.

«Мазкур мобил иловада кунлик иш қидираётган фуқаролар рўйхати шакллантириб борилади, — деди Рустам Иброҳимов. — Рўйхатлар иш қидирувчилар ҳамда ҳудудий агентлар, ягона дарча, сall centre операторлари томонидан тузилиши кўзда тутилган. Лойиҳада бир марталик иш қидирувчиларни иш билан таъминлаш билан чекланмасдан, иш қидирувчилар, дейлик, ҳар уч ойда бир маротаба шифокор кўригидан ўтишлари, ҳар бир иш қидирувчига алоҳида ID карта очилиши ёки QR код берилиши, уларнинг ижтимоий муҳофаза қилиниши каби масалаларни ҳал этишга ҳам қаратилган. Лойиҳа бир марталик иш қидирувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга, ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза қилинишига хизмат қилади».

Хизматчиларнинг бир марталик шартнома билан хизмат кўрсатишлари ишчи ва иш берувчи ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилишга асос бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир ишчи/хизматчи учун меҳнат дафтарчасининг очилиши ва фуқароларнинг истагига кўра маълум миқдордаги маблағларнинг тегишли давлат идораларига ўтказилиши, кейинчалик уларнинг пенсия таъминотига ижобий таъсир кўрсатишига замин яратади.

Илова муаллифи ҳозирда мавжуд бўлган ижтимоий тармоқлардаги иш қидириш гуруҳлари, турли сайтлардан фарқи, унинг айнан муайян малакага ва касбий кўникмаларга эга бўлмаган шахслар учун мўлжалланганини қайд этди. Мазкур лойиҳа бугунги кунда «мардикорлар» атамаси билан тилга олинадиган ижтимоий қатламнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Ўз навбатида, бир марталик иш қидирувчилар хизматларидан фойдаланаётган фуқаролар ҳам нотаниш одамлар томондан амалга оширилиши мумкин бўлган ноқонуний ҳаракатлардан ҳимояланади, дейилади хабарда.

Лойиҳа Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва бошқа манфаатдор идора ва муассасалар билан ҳамкорликда амалга оширилиши кутилмоқда.