Бухоро шаҳрида I халқаро «Зиёрат туризми» форуми ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Нуфузли анжуманга Индонезия, Малайзия, Миср, Покистон, Қозоғистон, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони, Сингапур, Озарбайжон, Туркия, Нигерия, Россия, Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Жанубий Африка каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг 100 дан зиёд вакили ташриф буюриши кутилмоқда. Улар орасида соҳа мутахассислари, сайёҳлик компаниялари вакиллари, таниқли олимлар ва бошқалар бор.

Зиёрат туризмининг ўзига хос талаблари бор. Шуни инобатга олиб, анжуманнинг ислом динига эътиқод қилувчи қатнашчиларига тегишли қулайликлар, масалан, ибодат амалларини амалга ошириш бўйича зарур қулайликлар ҳам назарда тутилган.

Мусулмон дунёсида машҳур бўлган «Етти пир» силсиласини ташкил этувчи авлиёлар қадамжолари обод қилинди. Ҳозирда бу масканларда зиёратчилар учун янада қулайликлар яратилмоқда. Бухорода илк бор ташкил этилаётган I халқаро «Зиёрат туризми» форуми қатнашчилари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларида жойлашган ушбу қадамжоларни зиёрат қилади.

Форум доирасида туризм соҳасида янги йўналишларни ўзлаштириш, қизиқарли сайёҳлик маҳсулотларини шакллантиришга доир кўргазмалар ташкил этилади, хорижлик меҳмонлар ва туризм тармоғида фаолият юритаётган ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан музокаралар ўтказилади.